Мирзиёев: Ўзбекистон йирик глобал авиация марказига айланишни мақсад қилган
09:42 16.10.2025 (янгиланди: 10:04 16.10.2025)
© Foto : Prezident matbuot xizmati Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт лойиҳаси тақдимоти билан танишди

© Foto : Prezident matbuot xizmati
Oбуна бўлиш
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт лойиҳаси тақдимоти билан танишди ва қурилиш бошланишига бағишланган тантанали маросимда иштирок этди.
ТОШКЕНТ, 16 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев пойтахт яқинида қурилиши режалаштирилган янги халқаро аэропорт лойиҳаси билан танишди. Қурилишнинг биринчи босқичи расман бошланди.
Президентнинг таъкидлашича, Ўзбекистон келгусида Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимол ўртасидаги йирик авиация ҳабига айланишни мақсад қилган. Бу борадаги ислоҳотлар транспорт инфратузилмасини жадал ривожлантириш, айниқса, авиация соҳасида янги экотизим яратиш орқали амалга оширилмоқда.
© Foto : Prezident matbuot xizmati Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт лойиҳаси тақдимоти билан танишди

Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт лойиҳаси тақдимоти билан танишди
© Foto : Prezident matbuot xizmati
Янги аэропорт нега зарур?
Таҳлилларга кўра, сўнгги 8 йилда Тошкентга парвоз қилувчи йўловчилар сони 3 баробарга ошиб, йилига 9 миллион кишига етган. 2040 йилга бориб бу рақам 24 миллионга етиши кутилмоқда. Мавжуд аэропорт эса максимал 11 миллион йўловчига хизмат кўрсатишга мўлжалланган бўлиб, унинг кенгайиши учун шароит йўқ.
“Шу сабаб, Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Қуйичирчиқ туманларида 1 300 гектар майдонда янги халқаро аэропорт қурилиши бошланди”, – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
2,5 млрд долларлик 1-босқич
Лойиҳа Саудия Арабистонининг “Vision Invest”, Япония компанияси “Sojitz” ва Кореянинг “Incheon” компаниялари иштирокидаги халқаро консорциум билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Биринчи босқичда 2,5 миллиард доллар эвазига:
йиллик 20 млн йўловчи ва 129 минг тонна юкни қабул қилиш имконига эга аэровокзал ва аэродром қурилади;
соатига 30 та самолёт қабул қилиш, бир вақтнинг ўзида 62 та ҳаво кемасини сақлаш, 14 та телескопик трапдан фойдаланиш имконияти яратилади;
энг замонавий аэронавигация тизимлари ўрнатилади;
ҳар қандай об-ҳаво шароитида парвозларни қабул қилиш имконияти таъминланади.
“Яшил стандарт” асосида
Янги аэропорт минтақада "яшил" стандартларга жавоб берадиган илк аэропорт бўлади. Лойиҳага кўра, бу ерда 46 минг квадрат метрли “Dutyfree” зонаси ҳам бўлади.
Шунингдек, мултимодал транспорт тизими яратилиб, янги аэропорт:
Тошкент – Самарқанд, Тошкент – Андижон, Тошкент – Бўстонлиқ пулли автомобиль йўлларига уланади;
замонавий темир йўл станцияси қурилиб, тез юрувчи поезд қатновлари йўлга қўйилади;
Тошкент шаҳри ва Янги Тошкент маркази билан шатллар орқали боғланади.
© Foto : Prezident matbuot xizmati Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт лойиҳаси тақдимоти билан танишди

Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт лойиҳаси тақдимоти билан танишди
© Foto : Prezident matbuot xizmati
Авиацияда кескин ўсиш
Президент қайд этганидек, сўнгги йилларда:
мамлакатда 15 та янги авиакомпания ташкил этилган;
уларнинг паркидаги самолётлар сони 26 тадан 105 тага етган;
бугунги кунда 51 та хорижий авиакомпания Ўзбекистонга мунтазам рейслар амалга оширмоқда;
яқин 5 йилда авиакомпаниялар парки 180 та самолётга, йўналишлар сони 230 тага, йиллик парвозлар эса 200 минг тага етказилади.
27 млрд долларлик иқтисодий самарадорлик
Янги аэропорт Ўзбекистон иқтисодиётига 27 миллиард доллардан ортиқ даромад олиб келиши кутилмоқда. Бу орқали хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, туризм соҳалари ривожланиб, кўплаб янги иш ўринлари яратилади.
Президент Шавкат Мирзиёев лойиҳа доирасида иштирок этаётган хорижий ҳамкорлар, молиявий ташкилотлар ва мутахассисларга миннатдорлик билдириб, янги аэропортнинг пойдеворига капсула қўйиб, қурилишни расмий равишда бошлаб берди.