ТОШКЕНТ, 1 апр — Sputnik. Ўзбекистон ва Тожикистон божхона хизматлари раҳбарияти ўртасидаги учрашувда чегарадан юк ва транспорт ўтказишни енгиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Тожикистон божхона хизмати матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Нодир Мусамуҳамедов Тожикистон божхона хизмати раҳбари Хуршед Каримзода билан юкларни расмийлаштириш жараёнини тезлаштириш, ахборот алмашинувини кучайтириш ва чегарадаги тартиб-таомилларни такомиллаштириш масалаларини кўриб чиқди.
Томонлар икки мамлакатнинг тегишли идоралари ўртасида ахборот алмашинувига алоҳида эътибор қаратди. Шу билан бирга, бу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Музокараларда транзит юклари ҳақидаги маълумотларни олдиндан алмашиш, жисмоний шахслар шахсий мақсадларда олиб ўтадиган товарлар бўйича ёндашувларни мувофиқлаштириш, шунингдек, чегара ўтказиш пунктларида божхона назорати тартиб-таомилларини такомиллаштириш масалалари ҳам кўтарилди.