ТОШКЕНТ, 1 апр — Sputnik. Солиқ қарзи ва муаммоли кредитларни ундириш тартиби янада соддалаштирилади. Бу президентнинг суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини рақамлаштириш ҳамда самарадорлигини оширишга қаратилган фармонида назарда тутилган.
Фармонга кўра, энди солиқ қарзи ва кредит қарздорлиги бўйича мол-мулкни сотиш, хатлаш ва савдога чиқариш жараёнларида янгича ёндашув жорий этилади.
Жумладан, ижро ҳужжатлари бўйича мол-мулкни ундирувчи томон расмийлаштирган процессуал ҳужжатлар асосида давлат ижрочиси қарори билан электрон онлайн-аукцион орқали сотиш имкони яратилади.
Шунингдек, юридик шахслар мол-мулкини хатлаш ва кўздан кечириш билан боғлиқ айрим жараёнлар:
солиқ қарзлари бўйича солиқ органи мансабдор шахси;
гаров билан таъминланган мажбуриятлар бўйича эса тижорат банкининг ваколатли шахси томонидан амалга оширилади.
Савдоларни ташкил этишга оид ҳужжатлар электрон платформалар орқали юборилади. Хатлаш ва кўздан кечириш далолатномалари асосида сотилган ёки сотувга таклиф этилган мол-мулкни расмийлаштириш билан боғлиқ хатарлар эса расмийлаштирувчи идоралар зиммасида қолади.
Бундан ташқари, 2027 йил 1 январдан давлат ижрочилари қабул қиладиган қарорларнинг камида 70 фоизи сунъий интеллект ва ахборот тизимлари орқали автоматлаштирилади, ижро жараёнлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилади.
2026 йил 1 июлдан эса суд ва бошқа органлар ҳужжатларига асосан давлат даромадига ўтказиладиган автомототранспорт ҳамда кўчмас мулклар давлат ижрочиси қарори билан тўғридан-тўғри Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфига ўтказилади.