ТОШКЕНТ, 1 апр — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ермек Кошербаевни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Парламентлар, ҳукуматлар, ҳудудлар ва ишбилармон доиралар ўртасидаги фаол мулоқот юқори баҳоланди. Қўшма Ҳукуматлараро комиссия самарали ишлаётгани, товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсиб бораётгани қайд этилди.
Шунингдек, саноат, энергетика, транспорт, экология ва сув ресурсларидан фойдаланиш соҳаларидаги кооперация кенгайиб бораётгани таъкидланди.
Томонлар иқтисодий лойиҳаларни жадаллаштириш, нодир металлар соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, сайёҳлик оқимини ошириш, шунингдек, космос ва креатив иқтисодиёт йўналишларида гуманитар алмашинув дастурларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Учрашувда бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар кун тартибини пухта тайёрлаш, шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатга оид масалалар юзасидан фикр алмашиш муҳимлиги қайд этилди.