Рақобат қўмитаси тадбиркорларни қонунга риоя этишга чақирди

Қўмитага кўра, мурожаатлар ўсиши истеъмолчилар фаоллиги билан бирга, айрим тадбиркорлар қонун талабларига тўлиқ риоя қилмаётганини ҳам кўрсатди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. 2025 йилда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига оид мурожаатлар сони 53,5 мингтага етиб, 2024 йилга нисбатан деярли икки бараварга ошган. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Қўмита маълумотларига кўра, мурожаатлар сони йил сайин ошиб бормоқда. Хусусан, 2023 йилда қарийб 19 минг, 2024 йилда эса 28 мингтадан ортиқ мурожаат келиб тушган.
Қайд этилишича, бу тенденция бир томондан истеъмолчиларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги фаоллиги ортиб бораётганини кўрсатади.
Бошқа томондан эса, айрим тадбиркорлик ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан товар ва хизматлар амалдаги қонунчилик талабларига тўлиқ риоя этилмаган ҳолда кўрсатилаётгани, шунингдек соҳада муаммолар сақланиб қолаётганидан далолат беради.
Қўмита мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча тадбиркорлик ва хўжалик юритувчи субъектларни истеъмолчилар ҳуқуқларига ҳурмат билан ёндашишга, маҳсулот ва хизматлар сифати, шунингдек, шаффоф рақобат тамойилларига қатъий риоя этишга чақирди.
Рақобат қўмитаси: 22,1 млрд сўм уй харидорлари фойдасига қайта ҳисобланди