ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Евроосиёда янги иқтисодий, инвестициявий ва хавфсизлик механизмларини шакллантиришда ЕОИИ ва бошқа минтақавий тузилмалар муҳим ўрин тутиши мумкин. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин маълум қилди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Галузиннинг сўзларига кўра, халқаро муносабатлардаги ўзгаришлар айниқса Катта Евроосиё ҳудудида яққол кўринмоқда. Шу боис минтақа давлатлари иқтисодий ҳамкорлик, инвестициялар ва хавфсизлик соҳасида муқобил механизмларни ривожлантириши зарур.
Галузин бундай иш аллақачон турли интеграцион форматлар доирасида олиб борилаётганини айтиб, улар қаторида МДҲ, ЕОИИ, ШҲТ, АСЕАН ва Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгашини санаб ўтди.
Унинг таъкидлашича, Катта Евроосиё шериклиги давлатлар ва интеграцион тузилмалар салоҳиятини уйғунлаштириш, транспорт боғлиқлигини кучайтириш, ишлаб чиқариш занжирларини боғлаш, молиявий механизмларни ривожлантириш ва савдо тўсиқларини камайтиришга қаратилган.
Галузиннинг айтишича, бу жараёнга МДҲ, Россия ва Беларусь Иттифоқ давлати, ЕОИИ, КХШТ ва ШҲТ каби тузилмалар ҳисса қўша олади. У Ўзбекистонни Евроосиёдаги интеграцион жараёнларнинг муҳим иштирокчиси деб атаб, мамлакат МДҲ ва ШҲТда Россия билан ҳамкорлик қилиб келаётгани, ЕОИИда эса кузатувчи мақомига эга эканини таъкидлади.