ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Тошкентдаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида Халқаро ўрмонлар куни муносабати билан “Барқарор "яшил" тараққиёт йўлидаги мулоқот: умумий келажакка сармоя” мавзусида халқаро форум ўтмоқда. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар берди.
Тадбирда Экология қўмитаси, Ўрмон хўжалиги агентлиги, халқаро ташкилотлар, экспертлар ва ОАВ вакиллари иштирок этмоқда.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг маълум қилишича, Ўзбекистон ва Марказий Осиёда ҳар дақиқада 9 квадрат метр ер деградация ва чўлланишга учрамоқда. Шу билан бирга, мамлакатда трансчегаравий ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтириш ва “яшил белбоғ” яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Унинг сўзларига кўра, ўрмон хўжалиги соҳасида Жаҳон банки билан ҳамкорликда 205 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Шунингдек, ФАО, БМТ Тараққиёт дастури, KOICA ва JICA кўмагида умумий қиймати 30 миллион доллардан ортиқ бўлган еттита грант лойиҳаси ҳам йўлга қўйилган.
Международный форум, приуроченный к Международному дню лесов проходит в Ташкенте
© Sputnik
Абдуҳакимов Орол денгизининг қуриган туби ва унга туташ ҳудудларда экологик муаммолар таъсирини камайтириш учун халқаро ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда экологик вазиятни барқарорлаштириш мақсадида 255 минг гектар майдонда ўрмонлар барпо этилди ва қайта тикланди. Шундан 251 минг гектари Орол денгизининг қуриган туби ва бошқа чўл ҳудудларига тўғри келади.
“Биз, албатта, бу ҳудудлардан иқтисодий фойда олишни ҳам ўрганишимиз керак”, — деди қўмита раиси.
Унинг айтишича, 2026-2030 йилларда Ўзбекистонда ўрмон билан қопланган ҳудудлар майдонини 6,1 миллион гектарга етказиш, шунингдек, Оролбўйи ва қатор чўл ҳудудларида қўшимча 1,3 миллион гектар яшил майдон барпо этиш режалаштирилган.