ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. “Овжазсой – Мовий тоғлар”, “Писком” ва “Фарғона” миллий табиат боғларини ташкил этиш, шунингдек “Поп” миллий табиат боғи ҳудудини кенгайтириш чора-тадбирлари белгиланди. Бу ҳақда тегишли президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Тошкент вилоятида иккита янги миллий табиат боғи ташкил этилади. Жумладан, Оҳангарон туманидаги Оҳангарон давлат ўрмон хўжалигининг “Овжазсой” участкасида жойлашган 9,2 минг гектар ер майдонида “Овжазсой – Мовий тоғлар” миллий табиат боғи барпо этилади.
Шунингдек, Бўстонлиқ туманидаги Бурчмулла давлат ўрмон хўжалигининг 156,7 минг гектар ер майдонида “Писком” миллий табиат боғи ташкил қилинади.
Фарғона вилоятининг Ўзбекистон ва Сўх туманларидаги 13,9 минг гектар давлат захира ерлари, шунингдек Фарғона ва Қўқон давлат ўрмон хўжаликларининг 8,9 минг гектар ер майдонлари негизида умумий майдони 22,9 минг гектар бўлган “Фарғона” миллий табиат боғи ташкил этилади.
Наманган вилоятида эса Мингбулоқ ва Поп адирликларидаги 33,6 минг гектар давлат захира ерлари ҳамда Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигининг 91,2 минг гектар ер майдони ҳисобига “Поп” миллий табиат боғи ҳудуди 125,3 минг гектаргача кенгайтирилади.