ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Фориш туманида электр таянчининг қулаши оқибатида уч бош қорамол нобуд бўлгани ҳақидаги хабарларга “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Жиззах ҳудудий филиали муносабат билдирди.
Компания матбуот хизматининг маълум қилишича, Фориш тумани Гараша қишлоғи ҳудудида сурункали ёмғир ва кучли шамол таъсирида электр тармоғида носозлик юзага келган. Оқибатда электр таянчи қулаган.
Симёғочлар қулаши натижасида қорамолларни ток урди, ҳайвонлар нобуд бўлди.
© Foto : telegram/burgutuzb
Қайд этилишича, авариявий ҳолат туман электр таъминоти бўлими ходимлари томонидан тезкорлик билан бартараф этилган. Ҳозир ҳудудда электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланган.
Шунингдек, фуқаро томонидан билдирилган уч бош чорва молининг нобуд бўлиши билан боғлиқ моддий зарарни қоплаш масаласи юзасидан мурожаат эгасига низони суд тартибида кўриб чиқиш ҳуқуқлари бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.