ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Бугун Тошкентда “Валдай” халқаро мунозара клуби ва Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан ташкил этилган Россия — Ўзбекистон анжумани ўз ишини бошлайди. Анжуман сешанба кунига қадар давом этади.
Учрашув “Россия — Ўзбекистон: Евроосиё маконида стратегик шериклик” мавзусига бағишланган. Икки кунга мўлжалланган ишчи дастур очилиш сессияси ҳамда тўртта мавзули муҳокамани ўз ичига олади.
Сессиялар доирасида экспертлар Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама мулоқот, Евроосиёдаги ҳамкорлик имкониятлари, минтақадаги долзарб муаммолар ва уларнинг умумий ечимлари, инвестициялар, саноат кооперацияси, рақамлаштириш, шунингдек транспорт, логистика ва инфратузилма масалаларини муҳокама қилади.
Шу билан бирга, Сурхондарё вилояти ва Татаристон ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликнинг мавжуд натижалари ва истиқболлари ҳам кўриб чиқилади.
Конференциянинг фахрий меҳмонлари сифатида Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин, Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Алексей Ерхов, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этади.
Ўзбекистон томонидан анжуманда қуйидагилар қатнашади:
Элдор Арипов — Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори;
Динара Зиганшина — Марказий Осиё давлатлараро сув хўжалиги мувофиқлаштириш комиссияси илмий-ахборот маркази директори;
Элёр Тоштемиров — Миграция агентлиги Стратегик режалаштириш департаменти бошлиғи;
Олег Пекос — рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари.
Россия томонидан эса қуйидагилар иштирок этади:
Владислав Полянин — Россия Фанлар академияси Сув муаммолари институти директори;
Михаил Денисенко — Вишнёвский номидаги Демография институти директори;
Иван Данилин — ИМЕМО директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари;
Андрей Бистрицкий — “Валдай” халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси кенгаши раиси.