ТОШКЕНТ, 27 мар – Sputnik. Янги қонун билан “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Унга кўра, қуйидаги шахсга доир маълумотлар Ўзбекистон ҳудудида сақланиши шарт:
шахсларнинг биометрик маълумотлари;
шахсларнинг генетик маълумотлари;
Ўзбекистон ҳудудида фаолият олиб бораётган телекоммуникациялар операторларидаги уларнинг хизматларидан фойдаланувчи жисмоний шахсларнинг маълумотлари.
Юқорида кўрсатилмаган шахсга доир маълумотлар қуйидаги шартлардан бири бажарилганда, Ўзбекистондан ташқарида сақланиши ва ишлов берилиши мумкин:
чет давлатни шахсга доир маълумотларнинг бир хил ҳимоя қилинишини таъминловчи давлат сифатида тан олиш;
оператор томонидан ваколатли давлат органи тасдиқлайдиган талабларга жавоб берувчи стандарт шартномавий шартлар ёки мажбурий корпоратив қоидалар қабул қилиниши ва уларга риоя этилиши;
рўйхати ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган шахсга доир маълумотларни бошқариш ва сақлаш соҳасидаги халқаро стандартларга оператор томонидан риоя этилиши.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.