ТОШКЕНТ, 26 мар – Sputnik. Украина Қуролли кучлари сафларида аёллар сони тез суръатларда ўсмоқда. Украина қуруқликдаги қўшинлари матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳозирда армияда 75 минг нафардан ортиқ аёл бор.
Таққослаш учун, Украина Мудофаа вазирлиги 2024 йил март ойида Қуролли кучларда 45,5 минг нафардан ортиқ аёл хизмат қилаётганини билдирган эди.
Шу билан бирга, Украина армиясида шахсий таркиб етишмаслиги ва дезертирлик билан боғлиқ муаммолар ҳам кузатилмоқда. Аввалроқ Россия хавфсизлик кучлари РИА Новостига Украинада шахсий таркиб танқислиги фонида аёлларни сафарбар қилишга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида хабар берган эди.
РИА Новости суд материалларини ўрганиб, 2026 йилнинг дастлабки ойларида украиналик ҳарбийларга нисбатан дезертирлик ва ўзбошимчалик бўйича қўзғатилган жиноий ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан деярли икки баравар ошганини маълум қилди.
Таҳлилларга кўра, йил бошидан 23 мартгача 24 659 та ҳолат қайд этилган. Бу 2025 йилнинг шу давридаги 13 189 та ҳолатга нисбатан 87 фоизга кўпдир.
Маълумотларга кўра, 2025 йил давомида бундай тоифадаги жами 79 140 та материал топширилган.
Бу фонда Украина Қуролли кучлари хорижда ҳарбийларни тайёрлаш муддатини қисқартирмоқда. Бош штабнинг доктриналар ва тайёргарлик бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Евгений Межевикин бу қарорни логистикани соддалаштириш ва жанг майдонидаги ўзгаришларга тезроқ мослашиш зарурати билан изоҳлаган.
Аввалроқ "Midi Libre" нашри Францияда тайёрланган “Анна Киевская” бригадаси бўйича “дезертирлик” моддаси асосида тергов бошлангани ҳақида хабар берган эди. Нашр келтирган Украина ОАВ маълумотларига кўра, Францияда ўқитилган 2300 ҳарбийнинг 1700 нафари фронтга юборилгандан кўп ўтмай қисмни тарк этган.
2025 йил январь ойида Франция Мудофаа вазирлиги ҳам Францияда тайёргарликдан ўтган “ўнлаб” украиналик ҳарбийлар мамлакат ҳудудидаёқ қочиб кетганини тасдиқлаган.
Шунингдек, 2025 йил март ойида Олий рада депутати Анна Скороход хорижда ўқитилган айрим украиналик ҳарбийлар урушда қатнашишни истамагани учун мамлакатга қайтмаётганини айтган эди.