Тошкентда Мирзиёев ва Раҳмон ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор келишувларга эришди

Учрашувда икки давлат раҳбарлари савдо, саноат, транспорт ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор қарорлар ва янги ташаббусларни кўриб чиқди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 мар – Sputnik. Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон тор доирада музокара ўтказди ҳамда Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ташриф арафасида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, саноат кўргазмаси, ҳудудлар, ректорлар, олимлар, ёшлар ва таҳлил марказлари форумлари ташкил этилди. Айни кунларда Ўзбекистонда Тожикистон маданияти ва киноси кунлари ҳам ўтказилмоқда.
Йиғилишда Ўзбекистон–Тожикистон ҳамкорлигини янада жадаллаштиришга қаратилган қатор муҳим қарорлар қабул қилинди.
Асосий эътибор ўзаро савдони ошириш, саноат кооперациясини рағбатлантириш, транспорт соҳасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, шунингдек сув ва энергетика хавфсизлигини кучайтиришга қаратилди. Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард долларга етгани, 2030 йилгача эса бу кўрсаткични 2 миллиард долларга чиқариш имкониятлари кўриб чиқилгани таъкидланди.
Лидеры Узбекистана и Таджикистана провели первое заседание Высшего межгосударственного совета
Бу мақсадга эришиш учун “Ойбек – Фотиҳобод” чегараолди савдо марказини барпо этишни жадаллаштириш, маҳсулотларни сертификатлаш ва “E-Permit” рухсатномаларини рақамли алмашиш тизимини жорий этиш, чегара назорат пунктларини модернизация қилиш бўйича келишувларга эришилди.
Шунингдек, тоғ-кон, қишлоқ хўжалиги, электротехника, енгил саноат ва қурилиш соҳаларини қамраб олган Саноат кооперацияси дастурини қабул қилиш, Қўшма инвестиция компанияси капиталини кенгайтириш ҳамда икки мамлакат ҳудудида янги қўшма лойиҳаларни бошлаш режаси кўриб чиқилди.
Томонлар маданий-гуманитар алоқалар ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини ҳам муҳокама қилди. Йирик диаспоралар мавжудлигини ҳисобга олиб, маданий ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича беш йиллик чора-тадбирлар режасини қабул қилиш таклиф этилди.
Йиғилиш якунларига кўра, эришилган келишувларни тўлиқ амалга ошириш учун кенг қамровли “йўл харитаси” қабул қилиниши белгиланди.
Эмомали Раҳмон Ўзбекистонга келади: раҳбарлар Олий давлатлараро кенгаш йиғилишини ўтказади