ТОШКЕНТ, 25 мар – Sputnik. МАГАТЭ бош директори Рафаэл Гросси Италиянинг "Corriere della Sera" нашрига берган интервьюсида АҚШ ва Эрон ўртасидаги эҳтимолий музокаралар дам олиш кунлари бўлиб ўтиши мумкинлигини айтди.
Шу билан бирга, Америка томонидан Теҳронга воситачилар орқали 15 бандли тинчлик ёки ўт очишни тўхтатиш режаси етказилгани ҳақида бир нечта ғарб нашрлари хабар қилди.
Бироқ Теҳрон бу хабарларни очиқ рад этмоқда. Эрон ТИВ расмий вакили Исмоил Багайи АҚШ билан ҳеч қандай тўғридан-тўғри музокаралар бўлмаганини, уруш бошланганидан бери ҳам бундай мулоқот ўтмаганини билдирди.
Эрон парламенти раиси Муҳаммадбоқир Қолибоф ҳам Вашингтон билан музокаралар ҳақидаги хабарларни “фейк” деб атаб, улар нефть ва молия бозорларига таъсир қилиш учун тарқатилаётганини айтди.
“Ҳотам ал-Анбия” марказий штаби вакили Вашингтон “Эрон халқига қарши ҳаракатлардан воз кечмагунча” музокаралар ҳақида гап бўлиши мумкин эмаслигини билдирди.
Эрон расмийлари АҚШ билан музокараларда воситачи давлатларга ўтмишдаги тажриба туфайли Вашингтонга ишонмасликларини айтишган, деб ёзади "Axios" портали манбаларга таяниб.
АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар икки марта муваффақиятсизликка учраган: июнь ойида Исроил президент Дональд Трамп кўмагида режалаштирилган музокаралар раундидан олдин Эронга ҳужум қилган, февраль ойида эса АҚШ ва Исроил ядровий масала бўйича дастлабки келишувларга эришилгандан сўнг операцияни бошлаган.
"Бизни яна аҳмоқ қилишларини хоҳламаймиз," - дея манбаларнинг сўзларини келтиради портал. Уларнинг фикрича Трампнинг тинчлик музокаралари ҳақидаги таклифи ҳийла бўлиши мумкин.
"Axios"нинг ёзишича, АҚШ ва Исроил Эрон билан можаро яна икки-уч ҳафта давом этиши мумкинлигидан келиб чиқмоқда. Шу билан бирга, Вашингтон дипломатия имкониятини ҳам, ҳарбий босимни ҳам сақлаб қолмоқда: Оқ уй мулоқотларга уринишлар давом этаётганини билдирган, аммо АҚШ амалиёти тўхтатилмаган.