ТОШКЕНТ, 25 мар – Sputnik. Тошкент вилояти кенгаши Нурафшон шаҳридан Тошкент шаҳрининг Бектемир туманигача тезюрар автобус қатновлари учун BRT (Bus Rapid Transit) тизимини йўлга қўйиш бўйича лойиҳа концепциясини маъқуллади.
Ҳужжатга кўра, лойиҳа Тошкент — Нурафшон автомобиль йўлини реконструкция қилиш ва ушбу йўналишда замонавий жамоат транспорти тизимини ташкил этишни назарда тутади. Йўналиш Тошкент шаҳридаги Қўйлиқ бозори ҳудудидан бошланиб, Ўртачирчиқ ва Юқоричирчиқ туманлари орқали ўтиб, Нурафшон шаҳри марказида якунланади.
Лойиҳа доирасида умумий узунлиги 23 километр бўлган йўлни модернизация қилиш, шундан 19,2 километрини реконструкция қилиш режалаштирилган.
Мавжуд 4 тасмали йўл халқаро талабларга жавоб берадиган I тоифали шаҳар магистрали даражасига олиб чиқилади. Шунингдек, BRT, интеллектуал транспорт тизими ва хавфсиз мобиллик тамойилларига асосланган инновацион транспорт йўлаги яратиш кўзда тутилган.
Қайд этилишича, лойиҳа амалга оширилса, Тошкент ва Нурафшон ўртасидаги қатнов вақти икки баробарга қисқаради, 150 мингдан ортиқ аҳолининг кундалик ҳаракатланиши қулай ва хавфсизроқ бўлади. Шу билан бирга, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда.
Ҳужжатда Нурафшон шаҳри сўнгги йилларда жадал ривожланаётгани, аммо уни пойтахт билан боғловчи мавжуд транспорт инфратузилмаси ортиб бораётган юкламага тўлиқ жавоб бермаётгани таъкидланган.