ТОШКЕНТ, 25 мар – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 26-27 март кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар, шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади.
Музокараларда Ўзбекистон—Тожикистон дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилади.
Томонлар сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ва ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперацияси ва транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, сув-энергетика хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратади.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар ҳамда кўп томонлама форматлардаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашади.
Ташриф якунлари бўйича қатор янги қўшма лойиҳаларни ишга тушириш ва икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўпламини имзолаш режалаштирилган.