ТОШКЕНТ, 25 мар – Sputnik. Ўзбекистонда АЭСнинг кичик блокларида биринчи бетонни ёзда қуйиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда “Росатом” раҳбари Алексей Лихачёв маълум қилди, дея хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Лихачёвнинг айтишича, санкциялар босими лойиҳага тўсқинлик қилмайди, унинг барқарорлиги эса маҳаллий компаниялар жалбига боғлиқ. Унинг сўзларига кўра, “Росатом” ўзбекистонлик ҳамкорларни нафақат маҳаллий майдонда, балки учинчи мамлакатлардаги атом лойиҳаларига ҳам жалб этишга тайёр.
Шунингдек, Лихачёв АЭС ишга тушгач, Ўзбекистоннинг энергия билан таъминланиши тахминан 15 фоизга ошишини билдирди. У Россия учун бундай лойиҳалар буюртмалар ва янги иш ўринларини таъминлашини, қурилиш босқичида сарфланган ҳар бир рубль бир ярим рублгача, эксплуатация босқичида эса икки рублгача бўлиб қайтишини айтди.
“Ўзатом” директори Азим Ахмедхаджаевга кўра, АЭС 95-98 фоиз қувват коэффициенти билан сутка давомида барқарор электр энергияси етказиб беради.
Таққослаш учун, газ станцияларида бу кўрсаткич 55-60 фоиз атрофида. Унинг айтишича, мамлакатда электр энергиясига эҳтиёж ҳар йили 6-8 фоизга ўсмоқда ва яқин келажакда талаб 100 млрд киловатт-соатга етиши мумкин.
Ахмедхаджаев, шунингдек, ёш мутахассислар Бангладеш, Туркия, Миср ва Россияда тажриба орттираётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, лойиҳада Венгриянинг қуруқ градирнялари, хитойлик ҳамкорлар турбиналари ва Framatome дастурий маҳсулотларидан фойдаланиш имконияти кўриб чиқилмоқда.
Ахмедхаджаевнинг сўзларига кўра, ҳозирча лойиҳада маҳаллийлаштиришнинг энг камида 29–30 фоизига эришиш, яъни қурилишда маҳаллий корхоналар маҳсулотлари, материаллар ва хизматларидан кенг фойдаланиш режалаштирилмоқда.