Иссиқхоналарни кўчириш, яшил белбоғ ва деворлар: экологик лойиҳалар маъқулланди

Тошкент атрофида янги иссиқхоналарни чеклаш, ҳаво ифлосланишини камайтириш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича йирик режалар тақдим этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 мар – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган умуммиллий лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда “Тоза ҳаво” лойиҳаси доирасида муқобил энергиядан фойдаланувчи корхоналарга солиқ имтиёзлари ва молиявий рағбатлар бериш, автоматик мониторинг станциялари, фильтрлар ва энергия самарадор ускуналарни кенг жорий этиш кўзда тутилганлиги маълум қилинди.
Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги саноат корхоналарида мажбурий автоматик мониторинг постлари ўрнатилиб, маълумотлар ягона геоахборот тизимига интеграция қилинади. Талабларга амал қилмаган субъектлар учун компенсация тўловлари кескин оширилади.
Қурилиш соҳасида йирик объектларни лойиҳалаштиришда кўкаламзорлаштириш даражасини ошириш, қурилиш материалларини ёпиқ шароитда сақлаш, чиқиндиларни махсус қувур ва контейнерлар орқали тушириш, майдонларни ҳимоя тўсиқлари билан ўраш ва онлайн кузатув камераларини ўрнатиш каби талаблар белгиланмоқда.
Шунингдек, “шамол йўлаклари”ни сақлаш, экологик экспертиза хулосасини мажбурий ҳисобга олиш, шаҳарнинг экологик ва сув ресурсларини бошқариш бўйича мастер-режа ишлаб чиқиш, Тошкент атрофида “яшил белбоғ”, Сурхондарё ва Сирдарёда “яшил девор”лар барпо этиш, сунъий кўллар ва сув ҳавзаларини ташкил қилиш, фавворалар сонини кўпайтириш ва баргларни қайта ишлашни йўлга қўйиш таклиф этилди.
Шу билан бирга, мотор ёқилғиси стандартларини кучайтириш, автотранспортни экологик тоифаларга ажратиш, техник кўрикни экологик талаблар билан боғлаш, эски автомашиналарни янгилаш ва жамоат транспорти улушини ошириш назарда тутилмоқда.
Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги иссиқхоналарни босқичма-босқич қулай ҳудудларга кўчириш таклиф қилинди.
1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда янги иссиқхона ташкил этиш чекланади.
Лойиҳа доирасида яна 12 та ботаника ва 16 та дендрология боғини ташкил этиш, 2028 йилга қадар барча вилоятлар, Қорақалпоғистон ва Тошкентда майдони 100 гектардан кам бўлмаган боғлар барпо этиш режалаштирилган.
Натижада 2030 йилгача умумий яшиллик даражасини 14,2 фоиздан 30 фоизгача ошириш, PM2,5 ва PM10 концентрациясини 20-25 фоизга камайтириш, иқлими оғир ҳудудларда ҳаво ҳароратини ўртача 1,5-2 даражага пасайтириш мақсад қилинган.
Пойтахтда 108 гектар майдонда Миллий дендрология боғи ташкил этилади. У ерда 50 минг туп дарахт кўчати ва 100 минг туп бута экилади. Боғда “Дунё дарахтлари” ҳудуди, 6 иқлим минтақасига хос ўсимликлар коллекцияси, доривор ўсимликлар боғи, 1 гектарлик сунъий кўл ва сакура боғи барпо этилади. Бу ер “Green University” учун табиий лаборатория, аҳоли учун биотуризм ва экотаълим марказига айланади.
“Экомаданият” лойиҳаси доирасида 2026/2027 ўқув йилидан 14 та ҳудудда “яшил техникумлар” ташкил этилиб, улар “Green University” тизимига бириктирилади. 2028-2029 ўқув йилига бориб ўқувчи ва талабалар сони 10 минг нафарга етказилади.
Шунингдек, “10 минг қадам пиёда” ташаббусини тиклаш, “Соғлом турмуш тарзи” платформасини ишга тушириш, Самарқандда GEF-8 ассамблеяси ва “Eco Expo Central Asia 2026” кўргазмасини ўтказиш режалаштирилган.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон ҳудудининг 70 фоизи арид зонадан иборат. Ер ресурсларининг ёмонлашуви иқтисодиётга ҳар йили 830 миллион доллар зарар келтирмоқда. Орол денгизининг қуриши натижасида 3 миллион гектар майдон яроқсиз ҳолга келган.
Шу муносабат билан 15 та ихтисослашган лабораторияни қамраб оладиган минтақавий қўшма илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклиф қилинди. Унда спутник маълумотлари, GIS ва масофадан зондлаш технологиялари асосида ерлар ҳолатини рақамли мониторинг қилиш, қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар бўйича генетик банк шакллантириш ва тупроқ таҳлил тизимини такомиллаштириш йўлга қўйилади.
Давлат раҳбари ушбу лойиҳаларни маъқуллади.
Тошкентда тирбандлик камайиши ва экология яхшиланиши кутилмоқда - янги тизим маъқулланди