Ўзбекистонда Тожикистон маданияти ва киноси кунлари бўлиб ўтади

Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида “Дўстлик кечаси” гала-концерт дастури ҳам кун тартибидан ўрин олган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 мар — Sputnik. Ўзбекистонда Тожикистон маданияти ва киноси кунлари бўлиб ўтади, дея хабар қилди мамлакат Мадинияти вазирлиги матбуот хизмати.
Маданият кунлари доирасида ўзбек ва тожик халқларининг бой маданий меросини намойиш этишга қаратилган қатор тадбирлар ташкил этилади.
Хусусан, “Наврўзи олам” номли уч авлод учрашуви ва давра суҳбатлари ўтказилади. Ушбу тадбирда ёзувчи ва шоирлар, ижодкорлар ҳамда зиёлилар иштирок этиб, адабий-маданий мерос ва ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашади.
“Тожик кино кунлари” доирасида Тожикистон кинематографиясининг бадиий фильмлари намойиш этилади. Жумладан, “Қармоққа балиқ”, “Ҳақиқатни излаб”, “Ҳаёт гўзал”, “Жўра Саргор” каби фильмлар томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.
Қолаверса, Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида “Дўстлик кечаси” гала-концерт дастури, Тожикистон ижодий жамоаларининг концерт чиқишлари, тасвирий санъат кўргазмалари ҳамда театр жамоаларининг саҳна асарлари намойиши режалаштирилган.
Тадбирлар жорий йилнинг 23–29 март кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтади.
Тошкентда Грузия маданияти кунлари: гала-концерт ва фильмлар намойиши бўлади