Табиий мерос объектлари бўйича янги тартиб: уларда айрим қурилиш ва фаолият тақиқланади

Ушбу тартиб ноёб табиий ҳудудларни асраш, экологияни ҳимоя қилиш ва уларда табиатга зарар етказувчи айрим фаолиятларни чеклашга хизмат қилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 мар — Sputnik. Ўзбекистонда миллий табиий мерос объектларини рўйхатга киритиш тартиби тасдиқланди. Эндиликда давлат қўриқхоналари, миллий табиат боғлари, буюртма қўриқхоналар, табиат ёдгорликлари ва давлат биосфера резерватлари ушбу рўйхатга киритилиши мумкин.
Янги тартиб ноёб табиий ҳудудларни расман ҳимоя қилиш механизмини кучайтиришга хизмат қилади.
Эндиликда бундай объектларни рўйхатга киритиш бўйича таклифларни давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар ҳам кирита олади. Таклифга объект ҳақида маълумот, геолокация ҳамда фото-видео материаллар илова қилинади.

Рўйхатга киритилган объектларнинг ҳудуди ва чегаралари аниқ белгиланади. Энг муҳими, бундай жойларда табиий муҳитга зарар етказиши мумкин бўлган фаолият турларига чекловлар жорий этилиши мумкин.

Хусусан, бундай ҳудудларда саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари, кўп квартирали уйлар, баланд иншоотлар, чиқинди полигонлари ҳамда кимёвий моддалар омборларини қуриш учун ер ажратиш ва қурилиш ишларини амалга оширишга йўл қўйилмайди. Ядро зонасида эса ҳар қандай қурилиш, таъмирлаш ва ҳатто енгил турдаги қурилмаларни ўрнатиш ҳам тақиқланади.
Бу эса келажакда ноёб экотизимлар, флора ва фауна яшаш ҳудудлари, кўчиб юрувчи турлар макони ҳамда муҳим гидрологик объектларни асрашга хизмат қилади.
Низом шунингдек миллий табиий мерос объектларини кейинчалик ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотларнинг нуфузли рўйхатларига киритиш учун ҳуқуқий асос яратади.
Ўзбекистон Қизил китоби: айрим ҳайвон ва ўсимликлар чиқарилиши ва айримлар қўшилиши мумкин