ТОШКЕНТ, 18 мар — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида ҳудудда йирик ливиҳаларни ишга тушириш ва янгиларининг қурилишини бошлашга бағишланган маросимда иштирок этди.
Давлат раҳбари ҳудуднинг замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, илғор техника ва технологиялари билан танишди.
Маросимда шаҳар ва туманларда қарийб 7 миллиард доллар инвестиция ҳисобидан 106 та янги лойиҳа ишга тушириш ва қурилишга тайёр экани ҳақида ахборот берилди.
Давлат раҳбари рамзий тугмани босиб, Самарқанд вилоятидаги йирик лойиҳаларни ишга тушириш ва янгиларининг қурилишини бошлаб берди. Жумладан, Россия, Австрия, Хитой, БАА, Туркия ва Ҳиндистон билан ҳамкорликда 2,4 миллиард долларлик 53 та лойиҳа ишга тушди.
Шунингдек, Россия, Нидерландия, Япония, Жанубий Корея, Хитой, БАА, Туркия ва Эрон билан ҳамкорликда 4,6 миллиард долларлик 53 та лойиҳа бўйича қурилиш ишлари бошланди.
Ушбу лойиҳалар натижасида 18 мингта янги иш ўрни яратиш, 13 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва 700 миллион долларлик экспорт салоҳиятини таъминлаш имкони пайдо бўлади.
Шу ернинг ўзида президентга Нарпай туманида сув ресурслари соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва режалар ҳам тақдимот қилинди. Хусусан, тумандаги 8 та насос станцияси давлат-хусусий шериклик асосида хусусий секторга берилган.
Ўтган даврда 21 та насос агрегати 12,3 миллиард сўм инвестиция ҳисобидан янгиланди. Бунинг натижасида йиллик энергия истеъмоли 68,1 миллион киловатт-соатдан 34,1 миллион киловатт-соатгача камайтирилди.