ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарзи 1 миллион сўмдан ошган жисмоний шахсларга нисбатан электр тўловига чеклов қўйиш механизми жорий этилмоқда. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Шу мақсадда “Soliq billing” автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилди. У 16 апрелдан Наманган вилоятида эксперимент тариқасида жорий этилади.
Маълум қилинишича, солиқ қарзи 1 миллион сўмдан ошганда фуқаро бир неча босқичда огоҳлантирилади.
Аввало солиқ ҳисоблангани ҳақида хабарнома юборилади, кейин SMS орқали эслатма берилади. Шунингдек, хабарлар “Soliq” мобил иловаси ва my.gov.uz орқали ҳам юборилиши мумкин.
Шундан сўнг фуқарога электр тўловига вақтинчалик чеклов киритилиши мумкинлиги ҳақида алоҳида SMS юборилади. Ундаги ҳавола орқали қарздорлик қачон шакллангани ва огоҳлантириш қайси босқичда эканини кузатиш мумкин бўлади.
Агар барча огоҳлантиришларга қарамай қарздорлик бартараф этилмаса, фуқаронинг электр энергияси учун тўлов қилиш имкониятига вақтинчалик чеклов қўйилади. Қарз тўланганидан сўнг чеклов онлайн тартибда дарҳол бекор қилинади.