ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Россия қўшинлари Донецк Халқ Республикаси ва Суми вилоятидаги иккита аҳоли пунктини назоратга олди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Вазирлик хабарига кўра, “Жануб” қўшинлар гуруҳи бўлинмалари фаол ҳаракатлар натижасида ДХРдаги Каленики аҳоли пунктини озод қилган. Шунингдек, “Шимол” қўшинлар гуруҳи бўлинмалари душман мудофааси ичкарига силжиб, Суми вилоятидаги Сопичь аҳоли пункти устидан назорат ўрнатганини билдирган.
Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Сопичь аҳоли пункти учун жанглар чоғида артиллерия ўт очиш нуқталари ва таянч пунктлар бўйлаб ишлаган. Учувчисиз тизимлар операторлари эса Украина қўшинлари техникаси ва шахсий таркибини аниқлаб, нишонга олган.
Шунингдек, бир неча зирҳли жанговар машина йўқ қилинганлиги айтилган. Хабарда айтилишича, аҳоли пункти эгалланганидан сўнг жангчилар 300 тадан ортиқ бино, ертўла ва унга туташ ҳудудни тозалаган.
Вазирликка кўра, “Шимол” гуруҳи чегара ҳудудида хавфсизлик зонасини кенгайтирган ҳолда олдинга силжишни давом эттирмоқда.