ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Ўзбекистонда 1 апрелдан айрим товарлар учун тўловлар фақат нақдсиз шаклда амалга оширилиши белгилангани муносабати билан кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китобларни тасдиқлаш тартиби белгиланди.
Шу мақсадда нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумот алмашиш тартиби белгиланиб, тегишли низом давлат рўйхатидан ўтказилди.
Янги тартибга кўра, 1 апрелдан кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган М, N, O ва G тоифаларидаги транспорт воситалари, шунингдек, махсус автотранспорт воситалари олди-сотди шартномаларини тасдиқлашда тарафлар ўртасидаги ҳисоб-китоблар нотариус ва банклар ўртасидаги электрон маълумот алмашинуви орқали аниқланади.
Бундай шартномалар бўйича ҳисоб-китоблар қуйидаги тартибда амалга оширилади:
— харидор ёки унинг вакили банкка ёзма ёки электрон шаклда ариза билан мурожаат қилади;
— шартнома бўйича келишилган маблағ банк томонидан нақд ёки нақдсиз шаклда эскроу ҳисобварағи (пул вақтинча сақланадиган махсус ҳисобварағи)га кирим қилинади;
— агар шартнома тўловни кечиктириш шарти билан тузилган бўлса, эскроу ҳисобварағига тарафлар ўртасида келишилган бошланғич маблағ киритилади;
— шартнома тўлиқ ёки қисман кредит маблағлари асосида амалга оширилса, кредит ажратаётган банк бу ҳақда нотариусга электрон маълумот юборади;
— харидор ёки унинг вакилининг банк картаси, талаб қилиб олингунча ҳисобварағи ёки электрон ҳамёнидан эскроу ҳисобварағи сифатида фойдаланиш мумкин;
— шундан сўнг тарафлар шартномани расмийлаштириш учун нотариусга мурожаат қилади;
— нотариус эскроу ҳисобварағида маблағ мавжудлигини электрон шаклда текшириб, шартномани тасдиқлайди;
— шартнома тасдиқлангач, пул маблағлари сотувчи ёки унинг вакилининг ҳисобварағига ўтказилади, ёки уларнинг сўровига кўра нақд шаклда берилади.
10 Декабр 2025, 17:25