ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Наманган шаҳрининг Оби ҳаёт маҳалласида 24/7 тартибида ишлаши режалаштирилган кўчада ерости чиқинди сақлаш мажмуаси барпо этилмоқда. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Лойиҳа доирасида ҳар бири 500 килограмм сиғимга эга 6 та чиқинди контейнерини ер остига ўрнатиш режалаштирилган. Ҳозирга қадар уларнинг учтаси тайёр бўлди.
Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов инновацион объект билан танишар экан, бундай мажмуалар сонини кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.
Ерости чиқинди сақлаш мажмуаси 3 тоннагача чиқинди тўплаш имконига эга. Йирик ҳажмли контейнерлар тўлганда махсус қурилма автоматик тарзда сигнал юборади, шундан сўнг чиқиндилар махсус машинада белгиланган полигонга олиб кетилади.
Бундай мажмуаларни Янги Наманган ва Давлатобод туманларида ҳам ўрнатиш режалаштирилган.