ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Самарқанд вилоятидаги Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуаси зиёратгоҳи очилишга тайёрланмоқда, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Самарқанд ва Пайариқ тумани чегарасида жойлашган зиёратгоҳ 2019 йилдан буён реконструкция қилинди. Шу вақт ичида нафақат мажмуанинг ўзи, балки яқин атрофдаги аҳоли пунктлари ҳам янгиланди.
Бу ерда янги мақбара, 10 минг кишига мўлжалланган масжид, музей ва маъмурий бино барпо этилди. Баландлиги 75 метр бўлган тўртта минора мажмуанинг асосий меъморий доминантларидан бирига айланди.
Илгари кунига кўпи билан 12 минггача зиёратчини қабул қила олган зиёратгоҳ янгиланганидан сўнг 65 минггача зиёратчини қабул қила олади.
Зиёратгоҳ атрофида 20 тадан ортиқ меҳмонхона, 10 тага яқин ресторан, 1800 та автомобилга мўлжалланган автотураргоҳ, электромобиллар учун қувватлаш станциялари ва меҳмонлар учун бошқа хизматлар пайдо бўлди.
Мажмуа жойлашган Хўжа Исмоил маҳалласи ҳам тўлиқ янгиланди.
Мажмуа Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами арафасида очилиши кутилмоқда.