ТОШКЕНТ, 16 мар — Sputnik. Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) Суми шаҳрига киришдаги блокпостда Украина Коррупцияга қарши курашиш миллий бюроси (КҚКБ) ходимини қўлга олганини тасдиқлади.
Аввалроқ КҚКБ ўз Telegram-каналида ходими УХХ томонидан “ҳамкорлик”да айбланиб, асоссиз ушланганини маълум қилган эди.
Мамлакат КҚКБ баёнотига кўра, ходимнинг ота-онаси 2022 йилда Россия назоратига ўтган тўрт ҳудуддан бирида яшаётгани ушбу айблов учун асос қилиб кўрсатилган. Идора ҳозирда ҳодисанинг барча ҳолатларини ўрганаётганини билдирган.
УХХ эса ўз баёнотида Суми шаҳрига киришдаги блокпостлардан бирида қўшимча текширув талаб этиладиган бир қатор белгиларга эга Украина фуқароси аниқланганини маълум қилди.
Махсус хизмат иддаосига кўра, эркак иш жойини айтишдан бош тортган ва шахсини тасдиқлаш учун “Дія” иловасидаги саҳифани кўрсатган. Шундан сўнг унга нисбатан кучайтирилган текширув ўтказилган.
Аввалроқ Украина оммавий ахборот воситалари Олий рада депутатларига нисбатан коррупция айбловлари ва Украина энергетикасида маблағларни ўғирлаш бўйича Европа ва АҚШда шов-шувга сабаб бўлган ишларнинг кўпайиши фонида Киев расмийларининг коррупцияга қарши кураш органлари билан зиддияти кучайиб бораётгани ҳақида хабар берган эди