Ўзбекистон ва Россия ишчи гуруҳи 4 йилда савдони бир неча баробар оширишни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ишчи гуруҳ йиғилишида 2030 йилгача ўзаро савдо ҳажмини бир неча баробар ошириш бўйича қўшимча чоралар муҳокама қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Ўзбекистон ва Россия ўртасида товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича Ишчи гуруҳнинг 5-йиғилишида 2030 йилга қадар ўзаро савдо ҳажмини бир неча баробар оширишга қаратилган қўшимча чоралар белгилаб олинди.
Йиғилишга Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳамда Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников ҳамраислик қилди.
Учрашувда савдо-иқтисодий, саноат, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида Бутунроссия ташқи савдо академияси филиалини ташкил этиш лойиҳасини амалга оширишда эришилган ижобий силжишлар алоҳида қайд этилди. Лойиҳа халқаро савдо соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлашни ривожлантиришга қаратилган.
Таъкидланишича, 2025 йил якунларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 8,4 фоизга ошиб, 13 миллиард долларга етди. Ўзбекистон маҳсулотлари экспорти 12,2 фоиз ўсиб, 4,4 миллиард долларни ташкил қилди. 2026 йил январь ойида эса ўзаро савдо ҳажми 37 фоизга ошиб, 1,1 миллиард долларга етди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 293,1 миллион долларга кўпдир.
Кудратов ва Лисогорский Ўзбекистон–Россия савдо ҳажмини оширишни муҳокама қилди