ТОШКЕНТ, 12 мар — Sputnik. Ўқотар қурол муомаласини назорат қилишга ихтисослашган тузилмалар фаолияти комплекс ўрганилмоқда.
Бу борада Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги раҳбарлигида идоралараро ишчи гуруҳ тузилиб, қурол-яроғ муомаласи, уни ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизими таҳлил қилинмоқда.
Дастлабки босқичда ИИВ тизимидаги бир қатор йўналишлар ўрганилди. Жорий йил бошидан буён ўқотар қурол билан боғлиқ 487 та ҳолат аниқланган. Шундан 227 таси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан, 260 таси эса фуқаролар томонидан ихтиёрий топширилган.
Тадбирлар давомида 255 дона турли ўқотар қурол, 2841 дона патрон, 57 дона қуролнинг асосий қисми ва 485,7 грамм портловчи модда расмийлаштирилди.
Шунингдек, Ҳуқуқий статистика бош марказида қуроллар бўйича ҳисобот юритиш тартиби ва ахборот базалари имкониятлари таҳлил қилинди. Таҳлиллар қурол айланмаси ҳақидаги маълумотларни ягона рақамли тизимда юритиш ва турли идоралар базаларини интеграция қилиш назорат самарадорлигини оширишини кўрсатди.
Бош эксперт-криминалистика марказида баллистик экспертиза, Давлат ўқ-гилзотекаси ва автоматлаштирилган идентификация тизими имкониятлари ўрганилди. Мутахассислар баллистик маълумотлар базасини доимий тўлдириб бориш жиноятларни тезроқ очишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Жамоат хавфсизлиги департаментида қурол муомаласини лицензиялаш ва рухсатнома бериш амалиёти, шунингдек фуқаровий ва хизмат қуроли назорати ўрганилди. Пойтахтдаги қурол-яроғ ва ўқ-дори савдосига ихтисослашган дўконлар фаолияти ҳам таҳлил қилинди.
Ўрганишлар якунларига кўра, қурол муомаласи устидан назоратни кучайтириш, ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.замонавий рақамли ечимларни жорий этишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.