ТОШКЕНТ, 12 мар — Sputnik. Новосибирск давлат университети (НДУ) Ўзбекистонда филиал очиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу масала НДУда Андижон вилояти делегацияси билан ўтган учрашувда муҳокама қилинди.
Учрашувда университет томонидан ректор Дмитрий Пишний, Тиббиёт ва тиббий технологиялар институти директори Юлия Самойлова ҳамда бошқа вакиллар иштирок этди. Ўзбекистон томонидан эса тиббиёт соҳасида фаолият юритувчи тадбиркор Шукуриллажон Жалилов қатнашди.
НДУ 2017 йилдан буён Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Университет ҳозир мамлакатнинг 15 та етакчи олийгоҳи билан алоқаларни ривожлантирмоқда, НДУнинг ўзида эса Ўзбекистондан 70 нафардан ортиқ талаба бакалавриат, магистратура, ординатура ва аспирантура йўналишларида таҳсил олмоқда.
Хабарда таъкидланишича, сўнгги бир йил ичида НДУ делегацияси Андижонга икки марта ташриф буюрган. Томонлар Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, шунингдек “Даволаш иши” ва “Тиббиёт кибернетикаси” каби йўналишларни ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилган.
Юлия Самойлованинг сўзларига кўра, ҳамкорликнинг дастлабки амалий қадамларидан бири қўшма таълим дастурлари ва тиббий йўналишларда қўшимча касбий таълим дастурларини ишга тушириш бўлиши мумкин. Улар 2026/2027 ўқув йилидаёқ очилиши мумкин.