ТОШКЕНТ, 12 мар — Sputnik. ЕОИИ хавфли юкларни халқаро автомобиль ташувида махсус рухсатномаларни расмийлаштириш ва бериш тартибини тезлаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) матбуот хизмати хабар берди.
10 март куни ЕИК ҳайъати Евроосиё транспорт йўлаклари ва йўналишлари рўйхатига киритилган автомобиль йўллари орқали хавфли юк ташиш учун махсус рухсатномалар бериш тартиб-таомилларини уйғунлаштириш бўйича умумий ёндашувларни маъқуллаган.
Ушбу ёндашувларга кўра, ЕОИИга аъзо давлатларга махсус рухсатномаларни 6 иш кунидан кечиктирмай бериш, уларнинг амал қилиш муддатини эса 1 календарь йилдан оширмаслик тавсия этилмоқда. Ҳужжатда ариза шакли ва унда кўрсатиладиган маълумотлар бўйича ҳам умумий тавсиялар белгиланган.
"Тавсиянинг амалга оширилиши ташувчиларнинг махсус рухсатномаларни расмийлаштириш ва олиш жараёнини соддалаштиради, транспорт-логистика ва назорат тартиб-таомилларини амалга оширишда ташувчиларнинг харажатларини камайтиради," — деди ЕИКнинг энергетика ва инфратузилма бўйича вазири Арзибек Кожошев