ТОШКЕНТ, 11 мар — Sputnik. 21 март — Наврўз байрами муносабати билан аҳоли ва сайёҳлар учун қатор чегирмалар жорий этилади. Бу ҳақда Туризм қўмитаси матбуот хизмати хабар берди. Бу ҳақда Туризм қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, “Вақф” хайрия жамоат фондига бириктирилган зиёратгоҳларда байрам кунлари давомида белгиланган кириш нархларига 10 фоизлик чегирма тақдим этилади.
Шунингдек, Маданий мерос агентлиги тасарруфидаги давлат музейлари ва маданий мерос объектларининг байрам кунлари очиқ бўлиши, кириш чипталарига эса чегирмалар жорий этилиши тавсия қилинган.
Туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ҳам меҳмонхоналар, меҳмон уйлари ва бошқа жойлаштириш воситаларида ихтиёрий равишда 20 фоизгача махсус байрам чегирмаларини тақдим этмоқда.
Бундан ташқари, Маданият вазирлиги тасарруфидаги давлат театрларида 21–27 март кунлари Театр томошалар ҳафталиги доирасида бепул спектакллар намойиш этилади. Томошабинлар таклифномаларни очиқ кассалардан олишлари мумкин.