Беларусь савдо тармоқлари расталарига ўзбек маҳсулотларини чиқариш муҳокама қилинди

Яқин вақт ичида Беларусь чакана савдо тармоқларининг Ўзбекистонга бизнес-миссиялари ташкил этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 мар — Sputnik. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси (ССП) раиси Даврон Вахабов иштирокида 10 март куни Беларуснинг йирик чакана савдо тармоқлари вакиллари билан онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистондан ҳўл ва қуритилган мева-сабзавот маҳсулотларини Беларусь савдо тармоқларига етказиб бериш, Беларусдан эса гўшт ва сут маҳсулотларини ўзаро бозорларда кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар ишбилармонлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кучайтириш, контакт маълумотларини алмашиш ва яқин вақт ичида Беларусь чакана савдо тармоқларининг Ўзбекистонга бизнес-миссияларини ташкил этиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.

Мулоқот ССП раиси Даврон Вахабовнинг 2–6 март кунлари Беларусга ташрифи давомида эришилган келишувларнинг давоми сифатида ташкил этилди.

Ташриф доирасида томонлар ўзбек маҳсулотларини, аввало, йирик супермаркет тармоқлари орқали Беларусь бозорига кенгроқ олиб кириш имкониятларини муҳокама қилган эди.
Шунингдек, маҳсулотларни етказиб беришда логистика имкониятларидан самарали фойдаланиш, жумладан, Ўзбекистонга юк билан келган транспорт воситаларини қайтишда бўш юбормасдан, улар орқали Беларусь бозорига маҳсулот етказиб бериш варианти ҳам кўриб чиқилган.
Меҳнат миграцияси, АЭС ва ҳамкорлик муҳокамаси: Лукашенко Ўзбекистон элчиси билан учрашди