ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) давлатлари аккредитация органлари раҳбарлари умумий бозорни хавфли маҳсулотлардан ҳимоя қилиш бўйича қўшма чораларни муҳокама қилди.
Росаккредитация раҳбари Дмитрий Вольвачнинг айтишича, ишончсиз сертификат ва декларациялар реал хавф туғдирмоқда. Шу боис Россияда бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун қонунчиликка таянган янги механизмлар жорий этилмоқда.
Хусусан, агар сертификатлаштириш органи бир йил ичида уч ёки ундан ортиқ қоидабузарликка йўл қўйса, унинг сертификат ва декларациялари Россияда 12 ойгача блокланиши мумкин.
Шунингдек, давлатлар ўртасида синов протоколлари бўйича тезкор ахборот алмашинуви йўлга қўйилади. Транспорт воситалари хавфсизлигини баҳолашда эса ягона ёндашувларни шакллантириш устида иш олиб борилмоқда.
Кенгашда қайд этилганидек, бу чоралар истеъмолчилар ва ҳалол бизнесни ҳимоя қилиш, шунингдек, ЕОИИ мамлакатларида сифат стандартларини оширишга қаратилган.