ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. 11 мартдан 31 майгача Амударё ва Сирдарёда, 26 апрелдан 10 июнгача эса Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистондаги табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш тақиқланади. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Шунингдек, бошқа барча табиий сув ҳавзаларида 16 апрелдан 31 майгача балиқ овлашга тақиқ жорий этилади.
Қайд этилишича, ушбу муддатлар балиқларнинг кўпайиш даврига тўғри келади. Бу вақтда балиқ овлаш улар сонининг кескин камайишига, айрим турларнинг эса йўқолиб кетиш хавфига олиб келиши мумкин.
Айни пайтда мазкур қарор сунъий сув ҳавзалари ёки ирригация тармоқларида интенсив технологиялар асосида балиқ етиштириш, аквакултура фаолияти, шунингдек, қафас — яъни садок мосламаларида балиқ етиштириш ва овлаш жараёнларига татбиқ этилмайди.
Таъкидланишича, тақиқ амал қиладиган муддат ва ҳудудларда балиқ овлаш маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.