ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. Совуқ ҳаво сабаб 10 март соат 16:00 дан метан "заправка”лар фаолиятига вақтинча чеклов жорий этилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Вазирликка кўра, республика ҳудудларига совуқ ва нам ҳаво массаларининг кириб келиши натижасида табиий газга талаб кескин ошган. Оқибатда магистраль газ қувурларида босим пасайиши кузатилмоқда.
Шу шароитда аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган.
Шу боис 10 март куни соат 16:00 дан бошлаб республикадаги метан газ қуйиш шохобчалари фаолияти вақтинча чекланади. Айни пайтда ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатувчи ва жамоат транспорт воситалари учун газ таъминоти барқарор тарзда давом эттирилади.