ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. Беларусь президенти Александр Лукашенко 9 март куни Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчиси Раҳматулла Назаров билан учрашди. Бу ҳақда Беларусь президенти матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Шавкат Мирзиёевнинг Беларусга режалаштирилаётган ташрифи арафасида муҳокама қилинадиган масалалар кўплиги таъкидланди. Лукашенко, шунингдек, 2030 йилга бориб ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича келишувни ижобий баҳолади.
Лукашенко Беларусь Ўзбекистонга барча зарур шароит ва технологияларни таклиф этишга тайёрлигини билдирди. У, жумладан, Витебск ва Могилёв вилоятларида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятини ҳам тилга олди.
Шунингдек, Беларусь томони Ўзбекистондан жун ва мўйна етказиб бериш ҳамда уни маҳаллий корхоналарда қайта ишлашдан манфаатдор эканини қайд этди.
Лукашенко Беларусь Ўзбекистонга тегишли технологияларни олиб келиш, мутахассисларни тайёрлаш ва зарур соҳаларда амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини айтди. Бу ёрдам қишлоқ хўжалиги, машинасозлик ва атом энергетикаси каби соҳаларни қамраб олиши мумкин.
У, айниқса, Ўзбекистоннинг АЭС қурилишига қизиқишига тўхталиб, Беларусь бу борада катта тажриба орттирганини таъкидлади. Лукашенконинг сўзларига кўра, ўзбек вакиллари исталган вақт келиб, мутахассислар билан учрашиши мумкин. Беларусь томони қурилишга ҳисса қўшиш ва мутахассислар орқали ёрдам беришга тайёр.
Лукашенко Ўзбекистон бутун дунёдан малака ва тажриба олиб келаётган жадал ривожланаётган давлат эканини ҳам таъкидлади.
У Беларусда кўплаб ўзбеклар яшаб, меҳнат қилаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, белоруслар, айниқса оилали меҳнат мигрантларини қабул қилишдан мамнун, чунки мамлакатда аҳоли ўсиши Ўзбекистонники каби юқори эмас.
Давлат раҳбари сўзларига кўра, ишга қабул қилинаётганлар аниқ иш ўринлари билан таъминланади, улар ва фарзандлари ясли, боғча, мактаб ҳамда олий таълим хизматларидан белоруслар билан тенг асосда фойдаланади.
Шунингдек, у Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон белоруслар учун катта ёрдам кўрсатганини эслаб, кўплаб белоруслар айнан Ўзбекистонда бошпана топгани ва уларга инсоний муносабат қилинганини таъкидлади.
“Бу борада биз сизлардан бироз қарздормиз”, - деди Беларусь президенти.