ТОШКЕНТ, 9 мар — Sputnik. Ўзбекистонда 9–11 март кунлари “Грузия маданияти кунлари” бўлиб ўтади. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирлар доирасида “Грузия маданияти кунлари”нинг расмий очилиш маросимига бағишланган “Маданиятлар мулоқоти: Ўзбекистон ва Грузия — асрлар мероси ва замон нафаси” номли гала-концерт дастури ташкил этилади.
Унда Ўзбекистоннинг “Тумор” рақс ансамбли ва Грузиянинг “Эрисиони” давлат академик халқ ашула ва рақс ансамбли иштирокида қўшма концерт дастури намойиш этилиши режалаштирилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Миллий кино саройида грузин бадиий фильмлари намойиши ҳам бўлиб ўтади.
Кино кўрсатувлар дастуридан “Тўй”, “Соябон”, “Мусиқачилар”, “Ғалати одамлар” каби турли жанрдаги фильмлар ўрин олган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 9–12 июль кунлари Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида “Ўзбекистон маданияти ва кино кунлари” ўтказилган эди. Унда ўзбекистонлик санъаткорлар ва раққосалар иштирокида гала-концерт дастури ҳамда кино намойишлари ташкил этилган.