Тожикистонда Рамазон ойи 29 кун давом этиши мумкин — Рамазон ҳайити санаси айтилди

Тожикистонда Рамазон ойи 29 кун давом этиши мумкин. Шу боис бу йил Рамазон ҳайити 20 мартда эмас, ислом дунёсининг аксарият давлатларидаги каби 19 мартда нишонланиши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 мар — Sputnik. Тожикистонда муқаддас Рамазон ойи аввал айтилганидек 30 кун эмас, 29 кун давом этиши мумкин. Бу ҳақда Республика Дин ишлари бўйича қўмитаси Sputnik Тожикистонга маълум қилди.
Қўмита маълумотига кўра, шу боис Рамазон ҳайити 20 мартда эмас, 19 мартда нишонланиши эҳтимолдан холи эмас.
“Эҳтимол, бу йил Тожикистонда муқаддас Рамазон ойи 29 кун давом этар”, — дейилади идора хабарида.
Айни пайтда бу маълумотни Тожикистон Уламолар кенгаши раиси Саидмукаррам Абдулқодирзода ҳам тасдиқлаган.
“Қамарий тақвимнинг аввалги икки ойи — Ражаб ва Шаъбон — кетма-кет 30 кун давом этгани сабабли, тажриба, илм ва тақвимга кўра, учинчи ой одатда 29 кун бўлади”, — деди у.
Абдулқодирзоданинг сўзларига кўра, кўплаб мамлакатларда Рамазон Тожикистонга нисбатан бир кун олдин бошланган. У айрим давлатлар бундан мустасно эканини қўшимча қилди.
Унинг таъкидлашича, ислом дунёсининг аксарият давлатлари бу йил Рамазон ҳайитини (Ид ал-Фитрни) бир кунда — 19 мартда нишонлаши мумкин.
Тожикистон муфтийси аҳолини миш-миш тарқатмасликка ва ваҳимага берилмасликка чақирди. Унинг айтишича, барча қарорлар аниқ тақвим ҳисоб-китоблари ҳамда шариат меъёрлари асосида қабул қилинади.
Рамазон тақвими 2026 — саҳарлик ва ифторлик вақтлари