ТОШКЕНТ, 9 мар — Sputnik. Эрон Қизил ярим ой ташкилоти мамлакат аҳолисини нефть омборларидаги портлашлар оқибатида кислотали ёмғирлар ёғиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Аввалроқ Эроннинг нефтни қайта ишлаш ва тақсимлаш миллий компанияси Теҳрон ва Алборздаги нефть омборлари авиазарбаларга учраганини маълум қилган эди.
Қутқарувчиларнинг таъкидлашича, нефть омборларининг портлаши атмосферага кўп миқдорда заҳарли бирикмалар — углеводородлар, олтингугурт ва азот оксидлари чиқишига сабаб бўлади.
Агар шу пайтда ёмғир ёғса, у хавфли тус олиб, кучли кислотали хусусият касб этиши мумкин.
Уларнинг қайд этишича, бундай ҳолат терида кимёвий куйишлар ва ўпканинг жиддий шикастланишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас. Шу муносабат билан ташкилот нефть омборларидаги портлашлардан кейин ёғингарчилик кузатилса, аҳолини уйдан чиқмасликка чақирди.
Шу билан бирга, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Бақоий нефть омборларига берилган зарбаларни кескин қоралади.
“АҚШ ва Исроилнинг Эрон халқига қарши жиноий уруши Эрон энергетика инфратузилмасига қасддан зарбалар бериш билан янги хавфли босқичга кирди. Нефть омборларига қилинган бу ҳужумлар Эрон фуқароларига қарши мақсадли кимёвий урушдан бошқа нарса эмас”, — деб ёзган Бақоий Х ижтимоий тармоғида.
Айни пайтда мутахассислар Эрон ҳудудида кузатилаётган атмосфера жараёнларининг Марказий Осиёга, жумладан Ўзбекистонга таъсири масаласига ҳам эътибор қаратмоқда.
Иқлимшунос, Ўзгидромет мутахассиси Эркин Абдулаҳатовнинг баҳолашича, Эрон томондан келаётган ҳаво массалари билан боғлиқ маълум таъсирлар Ўзбекистонда ҳам сезилиши мумкин, аммо бу катта даражада бўлмайди.
“У ўша (Эрон — таҳр.) томондан келади. Лекин бу концентрациялар бизгача деярли етиб келмайди. Қандайдир миқдорда таъсирлар бор, аммо катта даражада эмас. Лекин таъсирлар барибир бўлади. Камайиш тенденцияси томон тренд кузатилмоқда”, — деб ёзди Абдулаҳатов ўзининг Telegram-каналидаги фойдаланувчилар саволларига жавобан.
Ўзгидромет маълумотига кўра, душанба куни Ўзбекистоннинг баъзи жойларида, хусусан Тошкент шаҳрида ёғингарчилик бўлади.