Туркиядаги ТДТ йиғилиши: Саидов Эрдоған, Фидан ва Байрамов билан учрашди

Йиғин доирасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Туркия ва Озарбайжон раҳбарияти ва вазирлари билан музокаралар ўтказиб, долзарб минтақавий масалаларни муҳокама қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 мар — Sputnik. 7 март куни Истанбулда Туркий давлатлар ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг норасмий йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Унда Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов иштирок этди. Йиғилиш доирасида у Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған қабулида бўлди, шунингдек Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан ва Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов билан учрашувлар ўтказди.
Муҳокамалар чоғида минтақавий ва глобал хавфсизликка тобора ортиб бораётган таҳдидлар, шунингдек мамлакатлар ўртасидаги бирдамлик ва мувофиқлашувни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилоти доирасида амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, барқарорлик, ўзаро боғлиқлик ва изчил ривожланишга қаратилган ташаббусларни илгари суришни қўллаб-қувватлаши таъкидланди.
Бахтиёр Саидовнинг Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан билан мулоқотида Яқин Шарқдаги вазият ва унинг минтақавий оқибатлари муҳокама қилинди. Томонлар зиддиятларни мулоқот ва дипломатия йўли билан ҳал этиш муҳимлигини қайд этди.
Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов билан учрашувда ҳам минтақадаги сўнгги воқеалар юзасидан фикр алмашилди. Томонлар кескинликнинг янада кучайишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилиш муҳимлигини таъкидлади.
Ўзбекистон делегацияси Эрдоған ва Туркия хавфсизлик идоралари раҳбарлари билан учрашди