ТОШКЕНТ, 8 мар — Sputnik. Қозоғистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) доирасидаги товар айланмаси 2025 йилнинг 11 ойида 27,2 миллиард долларни ташкил этди. Экспортнинг 51 фоизи нефть ва нефть маҳсулотларига тўғри келади. Бу ҳақда Сенат мажлисида депутат Шокарим Буктуғутов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мазкур савдо айланмасининг қарийб 89 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келади. Кейинги ўринларда Қирғизистон — 7,2 фоиз, Беларусь — 3,8 фоиз ва Арманистон — 0,2 фоиз билан қайд этилган.
Шунингдек, Сенат ЕОИИ божхона ҳудудидан олиб чиқилаётган товарларнинг келиб чиқишини аниқлашнинг уйғунлаштирилган тизими тўғрисидаги битимни ратификация қилди.
Ҳужжат ЕОИИдан экспорт қилинаётган товарларнинг келиб чиқишини тасдиқлаш тартибини ягона шаклга келтиришга қаратилган. У сертификатларни текшириш, электрон верификация тизимини жорий этиш ва ташқи бозорларга чиқишни енгиллаштиришни назарда тутади.
Бундан ташқари, Сенат ЕОИИ техник регламентлари талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратига оид баённомани ҳам маъқуллади.
Мазкур ўзгартишлар Иттифоқ давлатлари ўртасида ахборот алмашинувини яхшилаш, назорат самарадорлигини ошириш ва ягона бозор фаолиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.