ТОШКЕНТ, 6 мар — Sputnik. Тошкент шаҳар ИИББда хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган кичик сержант Ҳосилбек Эшназаров хотирасига бағишлаб ёдгорлик мажмуаси очилди.
Тадбир давомида Ички ишлар вазири томонидан Ҳосилбекнинг хизмат фаолияти ҳар бир ходимга ўрнак бўлиши таъкидланди ва мана шундай бурчга садоқат намоён етган фарзандни вояга етказган Бекназар ота ва Дилором опага шахсий таркиб номидан яна бир бор миннатдорлик билдирилди.
Ички ишлар вазири Ҳосилбекнинг отасига "Жасорат" медали топширилди. Шу билан бирга Президент совғаси сифатида Эшназаровлар оиласига уч хонали хонадон тақдим этилди.
ИИВ хабарида айтилишига кўра, Ҳосилбек Эшназаров таҳсил олган Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги 62-мактабда ҳам Ҳосилбек учун ёдгорлик барпо этилади.
Ҳосилбекнинг оиласи, фарзандлари, ва ота-онаси ҳамиша давлатимиз эътиборида бўлиб, ижтимоий муҳофазаси таъминлаб борилади, дейилади хабарда.
Хабарда айтилишига кўра, Мустақиллик йилларида жами 118 нафар ички ишлар ходимлари хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган.