Холис тергов ва жазо муқаррарлиги таъминланади — Бош прокуратура

© ГенПрокуратураГен. Прокуратура Республики Узбекистан
Ген. Прокуратура Республики Узбекистан - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 28.02.2026
Oбуна бўлиш
Ушбу иш юзасидан тергов ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан алоҳида назоратга олинган.
ТОШКЕНТ, 28 фев — Sputnik. Миробод туманида вояга етмаган шахс томонидан ЙПХ инспекторини уриб юбориш юзасидан Бош прокуратура расмий баёнот берди.
"Тергов ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиб, айбдор шахсга нисбатан жазо муқаррарлиги қатъий таъминланади", - дейилади баёнотда.
Шунингдек, Тергов ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан алоҳида назоратга олингани ҳам айтиб ўтилган.
Айни дамда гумонланувчи ушланган. У Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми ва 104-моддаси 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятлар содир этишда гумон қилинмоқда. Булар хусусан, транспорт воситасини олиб қочиш , ўлимига сабаб бўлган қасддан оғир шикаст етказиш каби жиноятлардир.
Дастлабки терговда аниқланишича, 2010 йилда туғилган фуқаро, 10-синф ўқувчиси, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимай, ижтимоий тармоқларда мақтаниш мақсадида, автомашинага мигалка ва сиреналар ўрнатган ҳолда бир неча маротаба жамоат хавфсизлигига қарши ҳуқуқбузарликлар содир этиб келган.
Бир ой олдин, ушбу фуқаро ЙПХ ходимларининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмаганлиги учун, унинг отаси 2026 йилнинг 9 январ куни Маъмурий жавобгарлик кодексининг 47-моддасига мувофиқ (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) жавобгарликка тортилган.

Воқеа қандай бўлган эди

25 феврал куни соат 21:30 ларда танишининг опасига тегишли бўлган “БМW” русумли автомашина ювиш шахобчасида қолдирилганлигидан хабар топиб, тураргоҳда калити билан қолдирилган автомашинани олиб қочган.
Миробод тумани Нукус кўчасида, у Йўл-патрул хизмати инспектори Ҳосилбек Эшназаровнинг пиёдалар ва бошқа ҳаракат иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида транспорт оқимини тўхтатиш ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмаган.
Барча транспорт воситалари тўхтаган бўлишига қарамасдан, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва автомашина ҳужжатларига эга бўлмаган вояга етмаган қонунбузар, жавобгарликдан қочиш мақсадида, олди ва ён томонидаги автомашиналарни кескин айланиб ўтиб, авариявий ҳолат юзага келтирган ҳамда хизмат вазифасини бажараётган Йўл-патрул хизмати ходимини автомашинаси билан уриб, унга ҳаёт учун хавфли оғир тан жароҳати етказган ҳолда ҳаракатини давом эттирган.
Шифокорлар томонидан кўрсатилган барча зарур тиббий ёрдамга қарамасдан, ИИВ ходими Ҳосилбек Эшназаров 27 феврал куни вафот этди.
Янгиликлар лентаси
0