ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. Ўзбекистон ҳудудида бўри ўргимчаклар (Lycosidae) оиласига мансуб мутлақо янги тур аниқланди. Бу ҳақда Фанлар академияси матбуот хизмати хабар берди.
Тадқиқот Хоразм Маъмун академияси таянч докторанти Мардона Бектурсунова, унинг илмий раҳбари профессор Икром Абдуллаев ҳамда Россия Фанлар академияси Зоология институти олими Дмитрий Логунов ҳамкорлигида олиб борилди.
Янги тур Қорақалпоғистоннинг Устюрт платосининг шарқий қисми — Борсакелмас ботиғи ҳудудида аниқланган.
Фан учун тавсифланган янги тур Karakumosa ustyurtica деб номланди. Тур номи Устюрт платоси номидан олинган бўлиб, унинг тип ҳудудига боғлиқлигини билдиради.
Голотип намунаси 2025 йил июль ойида йиғилган. Намуналар морфологик ва таксономик таҳлиллар асосида ўрганилган, тип намуналар эса Россия ФА Зоология институти коллекциясида сақланмоқда.
Ушбу кашфиётдан сўнг Karakumosa жинсига мансуб турлар сони 19 тага етди. Тадқиқот натижалари халқаро "Arachnology" журналида эълон қилинди.