ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. Аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча чоралар белгиланди. Бу ҳақда тегишли президент фармони қабул қилинди.
Фармоннинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:
эрта никоҳ ҳолатларининг олдини олиш;
молиявий мустақил ва оила қуришга тайёр ёшлар ўртасида никоҳни рағбатлантириш;
аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини камайтириш тизимини такомиллаштириш.
Фармонга кўра, никоҳ ёшини камайтиришга асос бўладиган ҳолатлар аниқ белгилаб қўйилади.
2027 йилдан ҳар икки тараф камида 21 ёшга тўлганда биринчи марта никоҳ тузган ёш оилалар давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватланади.
Жумладан:
Ижтимоий реестрга киритилганда субсидия, ссуда ва грантлар 1,5 бараварга оширилган миқдорда берилади;
никоҳ шартномаси тузилган ҳолларда никоҳни қайд этиш учун давлат божидан озод этилади.
Талаба-қизлар учун “иккинчи имконият”
Ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача фарзанд тарбиялаётган талабалар учун таълимни давом эттириш имконияти кенгайтирилади.
Унга кўра:
курсдан курсга қолган ёки талабалар сафидан чиқарилган шахсларга, фанлар фарқини ўзлаштириш шарти билан, ўқишни давом эттиришга рухсат берилади;
фанлар фарқини мустақил ўзлаштириш учун қўшимча муддат берилади.
Эрта никоҳ тарғиботи учун жавобгарлик
Вояга етмаган шахслар билан никоҳ тузишга даъват қилиш ёки уни тарғиб қилиш учун маъмурий жавобгарлик жорий этилади.
1 сентябрдан никоҳ ёшига оид қонунчиликни бузганлик учун ундирилган жарималарнинг 15 фоизи бу ҳақда хабар берган шахсларни рағбатлантиришга йўналтирилади.
Шунингдек, эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатлари ҳақида:
маҳалла органлари;
ФҲДЁ идоралари;
таълим ва тиббиёт муассасалари;
диний ташкилотлар;
ички ишлар органлари ва “Инсон” марказларига хабар бериши шарт бўлади.
Зўравонликка қарши тизим кучайтирилади
1 апрелдан ҳимоя ордери берилган хотин-қизлар телефонига тазйиқ ва зўравонлик ҳақида зудлик билан хабар бериш имконини берувчи SOS чақирув функциясига эга my.ihma.uz мобил иловаси ўрнатилади.
Шунингдек:
Жиноят кодексининг 118 (номусга тегиш) ва 119 (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) моддалари бўйича вояга етмаганларга нисбатан жиноят содир этган шахслар манзил-колонияларга ўтказилмайди;
жазо ўтаётган маҳкумлар психологик тузатиш дастуридан ўтмасдан туриб жазо шароитини енгиллаштиришга йўл қўйилмайди.
2027 йил 1 январдан аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка оид жиноятлар, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан кўриб чиқилади.
1 сентябрдан Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, ИИВ академияси ва Одил судлов академиясида “Жиноятдан жабрланган аёллар ва болалар билан ишлашнинг процессуал жиҳатлари” бўйича махсус ўқув дастури жорий этилади.