ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев ва Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат давомида Яқин Шарқдаги ҳозирги мураккаб вазият муҳокама қилиниб, минтақага таъсир қилаётган беқарорлик жиддий ташвиш уйғотаётгани қайд этилди.
Давлат раҳбари Ўзбекистон ҳар қандай қарама-қаршилик ва зиддиятларни сиёсий-дипломатик йўл билан, музокаралар орқали ҳал қилиш тарафдори эканини таъкидлади.
Шунингдек, Мирзиёев Ўмоннинг минтақада хавфсизликни таъминлаш ва можароларни ҳал этишдаги фаол воситачилик ролини юқори баҳолади.
Президент Ўмонда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш ва уларни Ватанига қайтариш учун яратилаётган шарт-шароитлар учун султонга миннатдорлик билдирди.
Ўз навбатида, Султон Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид Ўзбекистон етакчисига ҳамжиҳатлик учун ташаккур билдириб, Масқатга режалаштирилаётган олий даражадаги ташриф муваффақиятли ўтишига ишонч билдирди.