ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. 2006 йилда ташкил этилган Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) 20 йиллик фаолиятини нишонламоқда. Банк раҳбари Николай Подгузов "ТАСС"га берган интервьюсида Марказий Осиё учун муҳим йўналишлар ҳақида сўзлади.
Унинг айтишича, 2025 йилда Ўзбекистон ЕОТБга аъзо бўлди. Бу мамлакатга йирик инфратузилма ва инвестиция лойиҳалари учун қўшимча молиявий ресурслардан фойдаланиш имконини беради.
ЕОТБ ҳисоб-китобларига кўра, бу йил Марказий Осиёнинг беш давлати иқтисодиёти умумий ҳажми 600 миллиард долларга яқинлашади. 2040 йилга бориб эса минтақа аҳолиси 96 миллион кишига етиши мумкин.
Подгузов Марказий Осиёдаги асосий муаммолардан бири сув танқислиги эканини таъкидлади. Ҳозир минтақада 10 миллионга яқин киши тоза ичимлик сувидан маҳрум, эски инфратузилма эса сувнинг 55 фоизигача йўқолишига сабаб бўлмоқда. Шу боис ирригацияни модернизация қилиш ва сув тежовчи технологияларни жорий этишга қаратилган лойиҳалар банкнинг устувор молиялаштириш йўналишларидан бири ҳисобланади.
Минтақанинг географик жойлашуви савдони ҳам қимматлаштиради: Марказий Осиё океан портларидан 3 минг километрдан ортиқ масофада жойлашгани сабабли транспорт харажатлари 20–40 фоизгача юқори.
Банк фаолиятининг муҳим йўналишлар қаторида шимол–жануб транспорт коридори ва эҳтимолий Трансафғон коридори тилга олинди. Бу йўналишлар Марказий Осиё давлатларига Жанубий Осиё ва Форс кўрфази бозорларига чиқиш имконини бериши мумкин.
Банк Евроосиё ва Яқин Шарқ ўртасида инвестиция алоқаларини ҳам кенгайтирмоқда. 2025 йил декабрида Абу-Дабидаги ADGM халқаро молия марказида ЕОТБ ваколатхонаси очилди. Прогнозларга кўра, 2033 йилга бориб Марказий Осиёдаги ислом банклари активлари 6,3 миллиард долларга етиши мумкин.