ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳамда Индонезия савдо вазири Буди Сантосо ўртасида видеоконференция тарзида музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Уларнинг якунида Ўзбекистон ва Индонезия ўртасида Эркин савдо битимини тузиш бўйича музокараларни бошлаш ҳақида қўшма баёнот имзоланди.
Шунингдек, савдо ва инвестициялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги алоҳида битим ҳам имзоланди.
Музокаралар савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига бағишланди. Томонлар икки давлат ўртасидаги муносабатлар барқарор ижобий суръатларда ривожланаётганини таъкидлади.
Хусусан, 2025 йилда ўзаро савдо ҳажми 82 фоизга ошгани қайд этилди.
Учрашув якунида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш, карантин ва фитосанитария тартиб-таомилларини жадаллаштириш, шунингдек, ҳалол сертификатларини ўзаро тан олиш бўйича келишувларга эришилди. Белгиланган чора-тадбирларни аниқ амалий механизмлар орқали изчил татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилди.