ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Тошкент шаҳрида қурувчи ташкилот раҳбари пойтахт Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси ходимига 30 минг доллар пора бермоқчи бўлган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тадбиркор раҳбарлик қилаётган МЧЖ томонидан Яккасарой туманида барпо этилган 12 қаватли турар жой мажмуаси фойдаланишга қабул қилинмаган. Бунга объектда бартараф этилмаган қатор камчиликлар сабаб бўлган.
Шунга қарамай, у “Nazorat.MS.UZ” электрон портали орқали тақдим этилган аризани ижобий ҳал қилиш эвазига Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси ходимига 30 минг доллар таклиф қилган.
Ходим бу ҳақда тегишли идораларга хабар берган.
ДХХ, ФВВ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда тадбиркор пулни топшириш вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.